“Энг яхши юридик хизмат” республика танлови

“Энг яхши юридик хизмат” республика танловини ўтказиш  тартиби тўғрисида

 НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

Мазкур Низом “Энг яхши юридик хизмат” республика танловини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

1. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

2. Танловнинг ташкилий масалаларини ҳал қилишга масъул Адлия вазирлиги Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.

3. Ҳакамлар ҳайъати таркиби 7 нафар аъзодан ва 1 нафар котибдан иборат бўлиб адлия вазири томонидан тасдиқланади. Бунда ҳакамлар ҳайъати таркибига адлия органлари ходимлари, юридик хизмат ходимлари, фуқаролик жамиятини шакллантириш институтлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, блогерлар ҳам киритилиши мумкин. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Танловнинг мақсади юридик хизматнинг ташкилотдаги ўрнини кўрсатиш орқали республикадаги бошқа ташкилотларда профессионал юристлар жамоасини яратишга бўлган фикрни шакллантиришдан иборат.

2-боб. Танловни ўтказиш босқичлари ва муддатлари

4. Танловни ўтказиш босқичларига қуйидагилар киради: танлов иштирокчиларидан мазкур Низом иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги анкеталарни қабул қилиш ва тўплаш;

Ишчи орган томонидан номзодлар томонидан тақдим этилган анкеталарни ўрганиб чиқиш ҳамда 20 та энг яхши номзодларни ажратиб олиш;

Ҳакамлар ҳайъати томонидан тўпланган анкеталарни таҳлил қилиш ва натижасига кўра энг яхши 7 та юридик хизматни аниқлаш;

энг яхши 7 та юридик хизмат билан анкетада кўрсатилган маълумотлар ҳақида суҳбат ўтказиш;

суҳбат натижаларига кўра энг яхши юридик хизматни аниқлаш;

танлов натижаларини эълон қилиш.

5. Танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни қабул қилиш 2020 йилнинг 15 февраль кунидан 15 март кунига қадар давом этади.

2020 йилнинг 15 март кунидан 10 апрель кунига қадар танлов иштирокчиларининг ҳужжатлари кўриб чиқилиб ғолиблар аниқланади.

3-боб. Танлов иштирокчилари

6. Танлов иштирокчилар сонига кўра очиқ бўлиб, танловда барча давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари иштирок этишлари мумкин.

7. Танловда олий юридик маълумотга эга бўлган, иш стажи ва лавозимидан қатъи назар юридик хизмат ходимлари иштирок этишларига йўл қўйилади.

8. Танлов ўтказилиши тўғрисида Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида, шунингдек, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида, “Facebook” ижтимоий тармоғида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълонлар берилади.

9. Танловда иштирок этиш истагини билдирган юридик хизматлар ташкилот ва юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низом иловасига мувофиқ белгиланган намунадаги анкетани тўлдирган ҳолда yurist@adliya.uz электрон почтасига юборадилар.

Бунда танлов иштирокчилари томонидан юқорида кўрсатилган электрон почтага ўзлари ҳақидаги маълумотларнинг юборилиши мазкур маълумотлар босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда ошкор этилишига розиликларини билдиради.

10. Ишчи орган томонидан танлов иштирокчилари рўйхати шакллантирилади.

4-боб. Танловни ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш тартиби

11. Танловни ўтказишда якунланган йил давомида юридик хизматлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади.

12. Танловда иштирокчилар томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар, шу жумладан бошқа аксарият юридик хизматлар томонидан хали жорий этилмаган анкетада кўрсатилган 10 та йўналишдаги ижобий амалиётлар инобатга олинади.

13. Танлов иштирокчилари анкетада кўрсатиб ўтилган 10 та йўналишнинг ҳар бири бўйича амалга оширилган ишларни yurist@adliya.uz электрон почтасига юборадилар.

14. Танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган анкеталар Ишчи орган томонидан кўриб чиқилади ҳамда 20 та энг яхши номзодлар саралаб олинади;

15. Ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан саралаб олинган 20 та энг яхши номзодларнинг 3 тасига овоз берилади. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг кўп овоз тўплаган 7 та юридик хизмат кейинги босқичга ўтказилади.

16. Кейинги босқичга ўтган юридик хизмат раҳбарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан суҳбатдан ўтказилиб энг яхши 3 та юридик хизмат аниқланади.

17. Танлов натижаларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш баённома билан расмийлаштирилади. Бунда баённомани расмийлаштиришга Ишчи орган масъул бўлиб ҳисобланади. Баённома ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

18. Танлов ғолиблари “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форумида тақдирланадилар.

19. Танлов якунига кўра танлов ғолиблари Адлия вазирлиги томонидан:

биринчи ўринни эгаллаган танлов ғолибига – белгиланган намунадаги сертификат, 15 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;

иккинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 10 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан;

учинчи ўринни эгаллаган танлов иштирокчиси – белгиланган намунадаги сертификат, 5 миллион сўм пул маблағлари ва эсдалик совға билан тақдирланадилар.

5-боб. Якуний қоидалар

20. Танлов натижалари ва унинг ғолиблари ҳақидаги маълумот босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида, шунингдек, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида эълон қилинишига йўл қўйилади. Танлов ғолиби фаолияти ҳақида видео ролик ишлаб чиқилиши мумкин.

21. Танлов иштирокчилари томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этилган материаллар бўйича изоҳ ёки шарҳ берилмайди ва улар эгаларига қайтарилмайди.

22. Танловни ўтказиш ва ғолиб бўлган юридик хизматларига тўланиши лозим бўлган мукофот суммалари “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форумида иштирок этиш учун иштирокчилар томонидан тўланадиган маблағлар, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

► Anketa

Tashkilotchi

Minjust

Hamkorlar

Adolat
RILP
CIS